Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 15 февралдаги «Маданият ва спорт соҳасида бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ҳамда мамлакатимизда спортни ривожлантиришга оид қарорлари ушбу соҳада янги даврни бошлаб берди.
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси Рустам ҚУРБОНОВ мазкур ҳужжатларда белгиланган муҳим вазифалар ва уларнинг ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар хусусида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:
– Спортни ривожлантириш, жамиятимизда соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтириш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш мустақилликнинг илк кунлариданоқ давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири этиб белгиланди. Ўтган йиллар давомида бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилди, улкан натижаларга эришилди.
Жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиш учун замон талабларига мос шарт-шароитлар яратилмоқда, ёшлар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ишларини тизимли ташкил этиш ҳамда жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Сўнгги беш йилда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, шунингдек, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун 1 триллион 230 миллиард сўм бюджетдан ажратилган ҳамда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси маблағлари сарфланган.
Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришнинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилиши, Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг ташкил этилиши, таълим тизимида уч босқичли узлуксиз спорт мусобақалари – "Умид ниҳоллари", "Баркамол авлод" ва Универсиада мусобақаларининг жорий қилиниши ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, шаҳар ва қишлоқларда замонавий спорт мажмуалари, болалар ва ўсмирлар спорт мактабларини барпо этиш, уларни зарур жиҳозлар билан таъминлаш, ёшларнинг спорт билан шуғулланиши, ўз салоҳиятини намоён этиши учун зарур барча шароит ва имкониятларни яратишда муҳим аҳамият касб этди.
Бугунги кунда болаларни спорт билан шуғулланишга оммавий жалб этишни янада кенгайтириш мақсадида 1700 та болалар спорти объектида 114,8 мингга яқин спорт секциялари фаолият юритаётган бўлиб, бу 2004 йилги кўрсаткичлардан 25% кўп деганидир. Республикадаги барча умутаълим мактаблари, болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, акдемик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг спорт залларида ҳамда спорт клубларида ташкил этилган спорт секциялари ва гуруҳларига 2,6 миллиондан зиёд аҳоли жалб этилган. Улардан 2,1 миллиондан зиёдини умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицей ўқувчилари – ёшларни ташкил этади.
Республика бўйича спорт иншоотларида бугунги кунда 10 минг 75 нафар ўқитувчи-мураббийлар фаолият юритаётган бўлса, улардан 4 минг 667 нафари олий маълумотли (43,4%), 5 минг 599 нафари ўрта-махсус маълумотли (56,6%) ташкил этмоқда.
Бугун мамлакатимиз том маънода спорт мамлакатига айланди. Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи кенг қарор топиб, спортнинг оммавийлиги таъминланмоқда. Ўзбекистон спортчилари жаҳоннинг нуфузли мусобақаларида юксак ғалабаларни қўлга киритиб, мамлакатимиз спорт салоҳиятини бутун дунёга намоён қилмоқда. Биргина 2016 йили Бразилияда ўтган Олимпия ва Паралимпия ўйинларида спортчиларимиз эришган натижалари жаҳон спорт жамоатчилигига мамлакатимизни спорти жадал ривожланаётган давлат сифатида танитди. Бу билан ҳақли равишда фахрланамиз.
Лекин эришилган натижалар, қўлга киритилган ютуқларни эътироф этган ҳолда жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ташкил этиш ва бошқариш тизимини такомиллаштириш, соҳанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ҳудудларда ёшларни спортга кенг жалб этиш, уларга етарлича шароитлар яратиш, соҳада малакали кадрлар тайёрлаш, спорт тадбирларини ташкил этиш борасида жиддий камчилик ва муаммолар мавжуд эканини ҳам айтиш зарур.
Масалан, бугунги кунда Халқ таълими вазирлиги тизимидаги 9 698 та умумтаълим мактабининг 67,6 фоизида спорт заллари мавжуд бўлса, 32,4 фоизида спорт заллари йўқ. Мактабларда жами 25 603 нафар жисмоний тарбия фани бўйича ўқитувчи фаолият кўрсатади. Уларнинг 17 735 нафари (69,2%) олий маълумотли, 7 868 нафари (30,8%) ўрта махсус маълумотга эга. Жисмоний тарбия фани бўйича ўрта махсус маълумотли ўқитувчилар сони Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд, Тошкент, Хоразм вилоятларида кўпчиликни ташкил этади. Жисмоний тарбия фани бўйича ўқитувчилар учун ўқитувчи методик қўлланмаси 2003 йилда яратилган бўлиб, ҳозирга қадар мазкур қўлланма чоп этилмайди.
Республика худудида 225 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаби мавжуд бўлиб, булардан 53 таси спорт турларига ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабидир. Мазкур мактабларда жами 318 693 нафар, шундан 97 минг нафари қиз болалар спорт турлари билан мунтазам шуғулланади, бу умумий мактаб ўқувчиларининг фақатгина 7,1 фоизи деганидир.
Шунингдек, маҳоратли спортчилар касб-ҳунар коллежлари, айниқса, олимпия захиралари коллежларини битиргандан сўнг, битирувчи-спортчиларни ишга жойлашиши ёки оилани моддий томондан таъминлаш муаммосига дуч келиши боис, эндигина юқори натижалар кўрсатадиган вақтда катта спортни ташлаб кетиши ёки чет давлатларига кетиб қолиш ҳолатлари энг долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда.
Аввалги йилларда топширилган спорт иншоотларини талаб даражасида сақлаш, улардан самарали фойдаланиш борасида нуқсонлар мавжуд.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 15 февралдаги «Маданият ва спорт соҳасида бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони соҳада юзага келган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш, мамлакатимизда жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш, ёш авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол вояга етказиш, халқаро спорт майдонларида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир спортчиларни тарбиялаш борасидаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Ушбу фармонга биноан Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ташкил қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тузилмасидаги Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ижро аппарати, 225 та Болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, 37 та спорт йўналишидаги мактаб-интернатлари, Болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази қўмита тасарруфига берилди.
Бундан кўзланган асосий мақсад – Ўзбекистонда болалар спортини ривожлантириш орқали Олимпия ҳаракатини кучайтириш, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланувчилар сафини янада кенгайтириш, болаларнинг жисмоний тайёргарлиги ва соғлиғини яхшилаш, ўзбек спортчиларининг Осиё ва Олимпия ўйинлари, турли нуфузли халқаро мусобақалардаги самарали иштирокини таъминлашдан иборат.
Шу билан бирга, қўмитанинг асосий вазифа ва йўналишлари – болаларнинг спорт билан шуғулланишлари учун шароит яратиш, айниқса, бу ишларни қишлоқ жойларда такомиллаштириш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзига кўникма ҳосил қилиш, бу борадаги тажрибаси ва билим даражасини ошириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, жисмоний тарбия ва таълим жараёнининг сифатини тубдан яхшилаш, юқори малакали спортчиларни самарали тайёрлашнинг яхлит тизимини яратиш, тренер-ўқитувчиларни, айниқса, аёл тренер-ўқитувчиларни тайёрлаш тизимини янада мустаҳкамлаш, замонавий ихтисослаштирилган спорт иншоотларини қуриш, машғулотларни ва мусобақаларни ўтказиш учун замонавий спорт ускуна ва жиҳозлар билан таъминлаш каби муҳим вазифалар белгилаб қўйилди.
Ўз навбатида, қўмитамиз олдида турган асосий вазифалардан бири спорт соҳасидаги қонунлар, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни замон талабидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқиш, такомиллаштириш ва татбиқ этиш эканини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Қисқа вақт мобайнида Ўзбекистон спортчиларини 2020 йил Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига тайёрлашга оид, «Жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида», Йилқичилик ва от спортини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги, “Нуфузли халқаро спорт мусобақаларида юксак натижаларга эришган Ўзбекистон спортчиларини жамоат ва спорт ишларига кенг жалб этиш ҳамда спортчиларни ва уларнинг тренерларини рағбатлантириш тўғрисида”ги қарорлар ишлаб чиқилди ва муҳтарам президентимиз томонидан имзоланди.
Ҳозирги кунда Ўзбeкистон Рeспубликасининг «Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида»ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, спорт клубларини ташкил этиш, спорт соҳасидаги фаолиятни баҳолаш тизимини яратиш, Спорт турлари ва спорт турининг тармоқларини эътироф этиш, уларни спорт турлари рeестрига киритиш ҳамда ушбу рeестрни юритиш тартиби тўғрисидаги низомни, Спорт ҳакамлари ва спорт ҳакамларининг малака тоифаларини бeриш тартиби тўғрисидаги низомни, Ўзбeкистон Рeспубликаси ягона спорт таснифи тўғрисидаги низомни тасдиқлаш юзасидан тегишли ҳужжатлар тайёрлаш ва амалдаги ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича таклифлар устида иш олиб борилмоқда.
Санаб ўтилган ҳужжатлар мамлакатимизда спорт соҳасини тараққий топтиришнинг ўзига хос пойдевори бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда ушбу қарорга мувофиқ “Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш дастури”нинг қабул қилингани бу борадаги ечимини кутаётган масалаларни ижобий ҳал қилишга хизмат қилади. 2017-2021 йилларда жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш учун 995,2 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланиши, спорт мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида жами 167 та спорт иншооти, жумладан 90 та спорт мажмуаси ва 77 та сузиш ҳавзасини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш ва қайта жиҳозлаш назарда тутилган. Ушбу ишлар учун 706,2 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланиши режалаштирилган.
Қўмита томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда жисмоний тарбия ва спорт соҳасининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий спорт комплексларини қуриш, уларни замонавий спорт ускуналари ва анжомлари билан жиҳозлаш, мазкур соҳада хусусий секторни ривожлантириш, соҳада кадрлар тайёрлаш, уларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш муассасаларини илмий-услубий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳамда спорт мактабларини юқори малакали мураббийлар ва тиббиёт ходимлари билан таъминлаш, таълим муассасалари ўқувчи ва талабалари, аҳолининг кенг қатламлари ўртасида соғломлаштириш, жисмоний тарбия, оммавий спорт ишларини ташкил этиш, комплекс спорт мусобақаларини ўтказиш, ёшлар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ва уларни мақсадли тайёрлаш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Мамлакатимизда спортга давлат миқёсида берилаётган эътибор, спорт иншоотларининг бунёд этилиши нуфузли халқаро мусобақаларни қабул қилиш ва юксак савияда ўтказишга замин ҳозирлади. Эндиликда дунё аҳли бокс, дзюдо, кураш, оғир атлетика, гимнастика, таэквондо, теннис ва бошқа кўплаб спорт турлари бўйича жаҳон ва қитъа чемпионатлари, жаҳон кубоги ва гран-при босқичлари муносиб ўтказилаётган Ўзбекистонни тобора яхши билмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 9 мартдаги Ўзбекистон спортчиларини 2020 йил Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига тайёрлашга оид қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, спорт ташкилотлари билан бирга иқтидорли спортчиларни саралаш ва терма жамоаларни шакллантириш, спортчиларнинг маҳалий ва хорижий ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этиш, уларнинг нуфузли мусобақалардаги муносиб иштирокини таъминлаш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Яқинда мамлакатимиз спорт делегацияси кунчиқар юртда бўлиб навбатдаги олимпиадага тайёргарлик қандай бораётгани билан танишиш, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида кўплаб учрашувларда иштирок этиб қайтди.
10 август куни имзоланган “Нуфузли халқаро спорт мусобақаларида юксак натижаларга эришган Ўзбекистон спортчиларини жамоат ва спорт ишларига кенг жалб этиш ҳамда спортчиларни ва уларнинг тренерларини рағбатлантириш тўғрисида”ги қарорда спортимиз юлдузлари ва уларни камолга етказган тренерларининг машаққатли меҳнатларини муносиб тақдирлаш, уларнинг тажрибаси ва салоҳиятидан самарали фойдаланиш, олий ва махсус маълумот олишлари ҳамда саломатликларини тиклашлари хусусида ғамхўрлик қилингани эътиборга лойиқ. Мазкур қарор Ўзбекистонда спортчи ва мураббийларни моддий рағбатлантириш тизимини янада такомиллаштириш, уларнинг нуфузли халқаро мусобақаларда муваффақиятли иштирок этадиган спортчилар захирасини тайёрлашда муносиб ҳисса қўшишларига имконият яратади.
Сўнгги даврда Осиё ва жаҳон чемпионатларида спортчиларимиз эришаётган ютуқлар сони ва салмоғи сезиларли даражада ўсди. Жумладан, жорий йилнинг етти ойи мобайнида мамлакатимиз вакиллари хорижда ўтказилган 120дан зиёд нуфузли мусобақада ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишди. Ўзбекистонлик спортчилар жами 773 маротаба шоҳсупага кўтарилишди: 292 та олтин, 221 та кумуш, 261 та бронза медали қўлга киритилди. Май ойида Тошкентда бокс бўйича ўтказилган Осиё чемпионатида юртдошларимиз 10 та вазн тоифасидан 9 тасида олтин медалларга сазовор бўлишгани халқимизнинг кайфиятини кўтарди, ажойиб қувончли лаҳзаларни ҳадя этди.
Қўмитамиз, тизимимиздаги мутахассислар мамлакатимизда жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш, ёш авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол вояга етказиш, уларни ватанпарварлик ва юртга садоқат руҳида тарбиялаш, халқаро спорт майдонларида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир спортчиларнинг истеъдодини юзага чиқариш учун барча ишларни амалга оширишни ўзимизнинг шарафли бурчимиз деб биламиз.
ЎзА мухбири
Байрам АЙТМУРОДОВ
ёзиб олди
2017-2021 yillarda O‘zbekiston Respublikasini rivojlantirishning beshta ustuvor yo‘nalishlari bo‘yicha HARAKATLAR STRATEGIYASI
Sport sohasida yangiliklardan xabardor bo‘lishni xohlaysizmi?
Elektron pochtangizni kiriting va bizning yangiliklarimiz hamda foydali maslahatlarimizga to'g'ridan to'g'ri saytimiz orqali obuna bo'ling:
09.07.2024 | 13:47