Республика услубий-амалий семинари бошланди

30.11.2017

30 ноябрь куни Тошкентда “Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларда спорт таълим муассасаларининг роли” мавзусида Республика услубий-амалий семинари бошланди.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳамкорликда ташкил этган анжуманда мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган Болалар-ўсмирлар спорт мактаблари, Олий спорт маҳорати мактаблари, Ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаблари, ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернатлари ва олимпия захиралари коллежлари директорлари ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт ҳудудий бошқарма бошлиқлари, спорт фахрийлари, олимлар ва етакчи мутахассислар иштирок этишмоқда.
Анжуманни кириш сўзи билан очган Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси Р.Курбанов муҳтарам президентимиз Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни янада ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинаётган ҳужжатлар ва бажарилиши зарур бўлган ишлар ҳақида сўзлади.
Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари И.Джураевнинг маърузаси жисмоний тарбия ва спорт соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларда спорт таълим муассасаларининг роли ҳамда селекция ишларига бағишланди.

Сертификатлаштириш ва компьютерлаштириш маркази директори Ш.Султанов “Спорт паспорти”ни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида батафсил маълумот берди.
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази бўлим бошлиғи А.Хожиметов спортчиларнинг тиббий хулосаларига кўра сурункали касалликларни аниқлаш, унинг олдини олиш ва даволаш йўллари мавзусини очиб берди.
Семинар қатнашчилари Тошкент шаҳрида жойлашган бир қатор спорт мажмуаларига ташриф буюришди. Жумладан, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, “Олимпия шон-шуҳрати” музейи, “Бунёдкор” стадиони, Ўзбекистон таэквондо маркази, яқинда фойдаланишга топширилган Енгил атлетика марказида яратилган шарт-шароитлар билан бевосита танишиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
Семинарнинг иккинчи куни мутахассислар шуъбаларга бўлинган ҳолда иш олиб боришади.