Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази ҳамда Ўзбекистон Республикасида тренерлик фаолиятларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикасида тренерлик фаолиятини такомиллаштириш, шу жумладан тренерлик фаолияти билан шуғулланиш учун рухсатнома бериш механизмини соддалаштириш, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Миллий гвардия тасарруфидаги спорт мактабларининг директорлари, директор ўринбосарлари, тренер, инструктор-методистларининг базавий тариф ставкалари миқдорини янада яхшилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Молия вазирлиги, Миллий гвардия, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси, спорт федерациялари (уюшмалари) ҳамда жисмоний тарбия ва спорт жамиятларининг:
2019 йил 1 декабрдан бошлаб республикада фаолият юритаётган тренерларни Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази ҳамда унинг филиаллари (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) базасида ҳар 5 йилда аттестациядан ўтказиш;
болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, ихтисослаштирилган олимпия захиралари болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, олий маҳорат спорт мактаби, олий спорт маҳорати мактаби, республика олий спорт маҳорати мактаблари (кейинги ўринларда спорт мактаблари деб аталади) директорлари, директор ўринбосарлари, тренер, инструктор-методистлари ҳамда олимпия ва миллий спорт турлари бўйича ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернатларининг тренер, инструктор-методистлари меҳнатини муносиб рағбатлантириш бўйича таклифлари маъқуллансин.
2. Тренерларни аттестациядан ўтказиш ва уларга рухсатнома бериш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Миллий гвардия тасарруфидаги спорт мактабларининг директорлари, директор ўринбосарлари, тренер, инструктор-методистлари ҳамда олимпия ва миллий спорт турлари бўйича ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернатларининг тренер, инструктор-методистларининг базавий тариф ставкалари 2020 йил 1 январдан ўртача 1,35 бараварга оширилсин.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ушбу қарорларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш учун зарур маблағларни 2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети харажатлари параметрларида назарда тутсин.
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузурида Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида» 2018 йил 14 августдаги 658-сон қарорига 2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.А. Абдухакимов ҳамда Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири Д.Х. Набиев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 19 ноябрь,
918-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 ноябрдаги 918-сон қарорига
1-ИЛОВА
Тренерларни аттестациядан ўтказиш ва уларга рухсатнома бериш тартиби тўғрисида
Низом
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом тренерларни аттестациядан ўтказиш ва уларга рухсатнома бериш тартибини белгилайди.
2. Тизимида спорт-таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар тренерларининг малака талабларига мувофиқлиги Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги (кейинги ўринларда вазирлик деб аталади) томонидан белгиланган тартибда тасдиқланган малака талаблари (кейинги ўринларда малака талаблари деб аталади) асосида ўтказилади.
3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
тренер — тренерлик фаолияти билан шуғулланиш учун рухсатномага эга бўлган ҳамда ўқув-машқ, оммавий жисмоний тарбия тадбирларини ўтказишни, шунингдек, спорт натижаларига эришиш учун беллашув фаолиятига раҳбарликни амалга оширувчи жисмоний шахс;
тренерлик фаолияти — аҳоли ва спортчилар билан ўқув-тренировка, жисмоний тарбия-спорт ҳамда соғломлаштириш тадбирларини ўтказишга, шунингдек, спорт натижаларига эришиш учун уларнинг мусобақа фаолиятига раҳбарликни амалга оширишга йўналтирилган фаолият;
тренерлик фаолияти билан шуғулланиш учун рухсатнома — Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жисмоний шахсга тренерлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берадиган ҳужжат.
4. Қуйидагилар тренерларни аттестациядан ўтказишнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
тренерларнинг танлаган спорт тури бўйича касбий кўникма, билим ва малакаси уларнинг замонавий педагогик технологиялардан фойдаланишни билиш даражасини ҳамда тайёрлаган спортчиларининг эришган натижаларини аниқлаш;
спорт тури бўйича малакаси, машғулот ўтиш маҳорати, меҳнат самарадорлиги ва ижтимоий-сиёсий билимларини оширган тренерларни рағбатлантириш.
5. Аттестациянинг асосий принциплари мажбурийлик, даврийлик, ошкоралик, коллегиаллик ҳамда холислик ҳисобланади.
6. Аттестация тренерлар учун ҳар беш йилда бир марта ўтказилади, аттестациядан ўтишнинг бошқа муддатлари белгиланадиган қуйидаги ҳолатлар бундан мустасно:
бола парвариши таътилидан қайтган аёл ходимлар — бир йилгача, ҳомиладор аёллар, шунингдек, уч ёшгача болалари бўлган аёллар, болани парваришлаш учун таътилга чиқарилган эркаклар, истисно тариқасида, аттестацияга жалб этилмайди ва комиссия қарори билан рухсатнома муддати ишга чиққунга қадар узайтирилади;
меҳнатга лаёқатсизлик варақаси расмийлаштирилган ҳолда, узоқ муддат (уч ойдан ортиқ) даволанаётган шахсларга даволаниш якунланишидан сўнг комиссия қарори билан ишга чиққунга қадар бўлган муддат белгиланади.
Тренерлик фаолияти билан шуғулланиш суд ҳукмига асосан ман этилган шахслар аттестацияга қўйилмайди.
Тренерлик фаолияти билан шуғулланиш учун рухсатнома муддати тугаган тренерлар тўрт ойдан ошмаган муддатда белгиланган тартибда янги рухсатнома олгунига қадар меҳнат фаолиятини давом эттиришга ҳақли.
Аттестацияни адолатли ўтказиш мақсадида вазирлик томонидан тренерларни аттестациядан ўтказиш учун аттестация комиссияси (кейинги ўринларда комиссия деб аталади) тузилади.
7. Аттестация белгиланган муддатда малака ошириш курсларига жалб этилган қуйидаги шахслар учун мажбурий ҳисобланади:
жисмоний тарбия ва спорт бўйича олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотига эга, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият юритаётган болалар-ўсмирлар спорт мактаблари, спорт турлари бўйича ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаблари, ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатлари, спорт турлари бўйича ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернатлари, олимпия захиралари ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, олий маҳорат спорт мактабларии, олий спорт маҳорати мактаблари, республика олий спорт маҳорати мактабларининг (кейинги ўринларда спорт-таълим муассасалари деб аталади) тренерлари;
жисмоний тарбия ва спорт клублари, давлат ҳамда нодавлат бошқа спорт ташкилотларида (кейинги ўринларда спорт ташкилотлари деб аталади) тренерлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган ва шуғулланиш истагини билдирган жисмоний шахслар.
8. Вазирлик томонидан тасдиқланган тренерларнинг малакасини ошириш режа-жадвалига асосан Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази ва унинг филиалларига (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) малака оширишга жалб қилинган тренерлар бир вақтнинг ўзида аттестациядан ўтказилади.
Нодавлат ташкилотларида фаолият юритувчи тренерлар марказда ташкил этиладиган хизмат кўрсатувчи жисмоний тарбия ва спорт йўналиши бўйича интенсив малака ошириш (72 соатлик) курсларида малакасини оширади ва аттестациядан ўтказилади.
Аттестациядан муваффақиятли ўтган тингловчиларга тренерлик фаолияти билан шуғулланиш учун белгиланган намунадаги рухсатнома (кейинги ўринларда рухсатнома деб аталади) берилади.
Малака ошириш курсидан четлатилган ёки ўта олмаган тингловчиларга рухсатнома берилмайди.
Рухсатнома муддати тугаган ҳамда мазкур низомнинг 6-банди бешинчи хатбошида кўрсатилган муддатда янги рухсатнома олмаган тренерлар билан тузилган меҳнат шартномаси иш берувчи томонидан меҳнат қонунчилигида белгиланган тартибда бекор қилинади.
9. Тегишли малака ошириш сертификатининг муддати амалда бўлган, аммо рухсатнома муддати тугаган талабгорларнинг аризасига асосан малака ошириш сертификатининг амал қилиш муддатига мос равишда рухсатнома белгиланган тартибда Марказ ҳамда унинг филиаллари томонидан берилади.
10. Тренерларни аттестациядан ўтказиш ҳамда уларга рухсатнома бериш мазкур Низомга 1-иловага мувофиқ тартибда амалга оширилади.
2-боб. Комиссия фаолиятини ташкил этиш
11. Аттестация Комиссия томонидан ўтказилади. Марказ ва унинг филиаллари Комиссиянинг ишчи органи ҳисобланади.
Комиссия таркиби Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири томонидан тасдиқланади.
12. Комиссия:
тренерларни аттестациядан ўтказади ва уларга тренерлик фаолияти билан шуғулланиш учун рухсатнома беради;
аттестация жараёнларининг холисона, адолатли ва шаффоф ўтказилишини таъминлайди;
тренерлик фаолияти билан шуғулланиш учун берилган рухсатномани бекор қилади.
Тренерлик фаолияти билан шуғулланиш учун берилган рухсатномани бекор қилиш сабаблари комиссия қарори билан тасдиқланади.
13. Комиссия раиси:
Комиссия ишини ташкил этади ва унинг фаолиятига раҳбарлик қилади;
аттестация тренерларнинг ҳуқуқлари таъминланган ҳолда, меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўтказилишини назорат қилади;
комиссия аъзоларининг комиссияга юкланган вазифаларини бажариш бўйича ишини мувофиқлаштиради;
комиссия мажлислари кун тартибини белгилайди ва мажлисларни чақиради;
комиссия томонидан қабул қилинган қарорларнинг бажарилиши юзасидан назоратни ташкил этади.
Комиссия раиси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларга ҳам эга бўлиши мумкин.
14. Комиссия раиси бўлмаган тақдирда, унинг вазифаларини комиссия раисининг ўринбосари бажаради.
15. Комиссия аъзолари:
комиссия ишида қатнашади;
комиссия қарорларини қабул қилиш бўйича овоз беришда қатнашади;
комиссиянинг кўриб чиқиши учун киритиладиган материаллар бўйича тегишли хулосаларни ўз вақтида тақдим этади.
16. Комиссия котиби:
комиссия қарорлари ижросининг мониторингини олиб боради ва унинг натижаларини комиссияга кўриб чиқиш учун тақдим этади;
комиссия мажлисига материаллар тайёрлаш бўйича ишчи орган фаолиятини ташкил этади;
комиссия раиси иштирокида мажлисларни ўтказиш муддатлари ва жойларини келишади;
комиссия баённомаларини юритади ва тасдиқланган баённомаларни комиссия аъзоларига юборади;
комиссия ваколатига кирадиган масалалар бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларга сўровлар тайёрлайди.
17. Комиссия томонидан мазкур Низом талабларига мувофиқ аттестация натижалари таҳлил қилинади, баҳоланади ҳамда талабгорларга тренерлик фаолияти билан шуғулланиш юзасидан рухсатномаларни бериш бўйича қарор қабул қилинади.
18. Ишчи орган:
комиссия мажлисларини ташкилий-техник жиҳатдан таъминлайди;
талабгорларнинг ҳужжатларини йиғади ва аттестациядан ўтувчи талабгорлар рўйхатини шаклантиради;
комиссия мажлисларини ўтказиш учун барча зарур материалларнинг ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди ҳамда давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан, шунингдек, комиссия аъзоларидан зарур материалларни ва тренерлик фаолиятига тегишли хулосаларни олади;
комиссия мажлислари ўтказилишини ва кун тартибидаги масалалар бўйича таҳлилий материаллар тайёрлашни ташкил қилади;
аттестацияни сифатли ўтказиш билан боғлиқ ишларни ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳларни шакллантиради ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради;
комиссия аъзоларини ва таклиф этиладиган шахсларни мажлис ўтказиладиган сана, жойи ва вақти тўғрисида тегишли материалларни юборган ҳолда хабардор қилади;
комиссия қарорига кўра аттестациядан ўтган шахсларга тренерлик фаолияти билан шуғулланиш юзасидан рухсатномаларни расмийлаштиради, шунингдек, рухсатнома яроқсиз ҳолатга келиб қолганда ёки йўқотилганда, уларнинг дубликатларини беради;
тренерлик фаолияти билан шуғулланиш юзасидан рухсатномага эга бўлган шахслар реестрини юритади;
комиссия қарорларига мувофиқ бошқа материалларни комиссияга кўриб чиқиши учун тақдим этади.
19. Ишчи гуруҳ:
талабгорларнинг фаолияти, эришган натижа ва ютуқларининг аттестация мезонларига мувофиқлигини кўриб чиқади ва баҳолайди;
комиссия қабул қилган қарорларнинг бажарилишини жойларга чиққан ҳолда ўрганади.
20. Комиссия қарори бўйича ишчи органга комиссиянинг фаолияти самарадорлигини ошириш ва аттестацияни ўтказиш мақсадида бошқа вазифалар ҳам юкланиши мумкин.
3-боб. Аттестацияни ташкил этиш тартиби
21. Тренерлар асосий иш жойи бўйича аттестацияга жалб этилади. Иш жойида ўриндошлик асосида ишлайдиган ва асосий иш жойи бўйича тренерлик фаолияти билан шуғулланмайдиган тренерлар эса ўриндошлик асосида фаолият юритаётган муассасасидан аттестацияга жалб этилади.
22. Тренерлар жисмоний тарбия ва спорт бўйича ўрта махсус, олий маълумоти, илмий даражаси ёки қайта тайёрлаш курсларидан ўтганлиги ҳақидаги дипломда (кейинги ўринларда диплом деб аталади) кўрсатилган йўналиш, мутахассислик ёки ихтисосликларига (спорт турлари бўйича федерацияларнинг тавсияси асосида) мос келадиган спорт туридан аттестациядан ўтади.
Тренерларнинг дипломида биттадан ортиқ йўналиш, мутахассислик ёки ихтисослик кўрсатилган бўлса, улар машғулот олиб бораётган ҳар бир спорт тури бўйича (икки спорт туридан кўп бўлмаган) алоҳида аттестациядан ўтади.
Нодавлат ташкилотларида фаолият юритувчи тренерлар хизмат кўрсатувчи жисмоний тарбия ва спорт йўналиши бўйича аттестациядан ўтади.
23. Аттестациядан ўтувчи талабгорлар ҳар бир спорт тури учун алоҳида ҳужжатлар йиғмажилдини тайёрлайди.
24. Аттестациядан ўтувчи талабгорларнинг ҳужжатлари уларнинг фаолият юритаётган (ёки ишга қабул қилинаётган) асосий ёки ўриндошлик асосидаги иш жойлари орқали комиссиянинг ишчи органига тақдим этилади.
Нодавлат ташкилотларида фаолият юритувчи тренерларнинг ҳужжатлари комиссиянинг ишчи органига тўғридан-тўғри тақдим қилинади.
25. Комиссия ишчи органига аттестациядан ўтувчи талабгорларнинг қуйидаги ҳужжатлар йиғмажилди тақдим қилинади:
ариза (аттестациядан ўтказиш бўйича спорт турини кўрсатган ҳолда);
паспорт нусхаси;
ўрта махсус, олий ёки қайта тайёрлов касбий жисмоний тарбия маълумоти тўғрисидаги диплом(лар) (агар талабгор олий таълим муассасасида сиртқи, махсус сиртқи, кечки таълим олаётган бўлса, у ҳолда таълим муассасасидан ўқиётганлиги тўғрисидаги маълумотнома) нусхаси;
дипломда кўрсатилган мутахассислик ёки ихтисосликдан ташқари бошқа йўналиш бўйича тренерлик фолиятини юритувчи шахсга эса танлаган спорт тури бўйича спорт федерацияларининг тавсияси (мавжуд бўлса);
илмий унвони ёки даражасини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси (мавжуд бўлса);
иш жойи бўйича тасдиқланган меҳнат дафтарчасининг нусхаси ёки ундан кўчирма (мавжуд бўлса);
соғлиғининг ҳолати тўғрисидаги тиббиёт (психиатрия, наркология ва физиология) муассасаларининг маълумотномалари;
охирги 5 йил ичида тайёрлаган спортчилари, уларнинг туман (шаҳар), вилоят, республика ва халқаро спорт мусобақаларида эришган ютуқларини ҳамда ўқув-методик фаолиятини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари.
Зарурат бўлган тақдирда, тақдим этилган ҳужжатлар ўрганиш учун ваколатли органларга юборилиши мумкин.
4-боб. Аттестациядан ўтказиш ҳамда рухсатнома бериш
26. Аттестациядан ўтувчи талабгорлар мазкур Низомга 2-илова билан тасдиқланган Талабгорларнинг мутахассислиги бўйича фаолияти, тайёрлаган спортчилари ва уларнинг эришган ютуқларини баҳолаш мезонларига (кейинги ўринларда мезон деб аталади) мувофиқ аттестациядан ўтказилади.
27. Аттестациядан ўтувчи талабгор мезонга мувофиқ етарли балл тўплай олмаган тақдирда, унинг касбий билим ва маҳорати Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ёки университет филиалларининг мутахассислик кафедралари томонидан баҳоланади ҳамда баҳолаш натижасига кўра аттестация комиссиясининг ишчи органига рухсатнома бериш ёки бермаслик юзасидан тегишли хулоса берилади.
Мезонга мувофиқ етарли балл тўплай олмаган талабгорнинг касбий билим ва маҳоратини баҳолаш мезонлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси спорт турлари реестри бўйича турдош спорт турлари рўйхати вазирлик томонидан тасдиқланади.
28. Комиссия томонидан аттестация якуни бўйича аттестациядан ўтувчи талабгорга нисбатан «аттестациядан ўтди» ёки «аттестациядан ўтмади» деган қарор қабул қилинади.
Комиссия томонидан «аттестациядан ўтмади» деган қарор қабул қилинган тақдирда, талабгор навбатдан ташқари малака ошириш курсларига ҳамда малака ошириш курси якунида қайта аттестацияга жалб этилади.
29. Комиссия аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисми қатнашган тақдирда, комиссия мажлиси ваколатли ҳисобланади. Қарорлар очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади. Агар талабгор комиссия аъзоси ҳисобланса, у аттестациядан ўтишда ўз номзоди бўйича овоз беришда қатнашмайди.
30. Комиссия қарори мажлисда қатнашаётган аъзоларнинг кўпчилиги овоз берган тақдирда, қабул қилинган деб ҳисобланади. Овозлар тенг бўлган тақдирда, раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
31. Комиссия қарори баённома шаклида комиссия котиби томонидан расмийлаштирилади ҳамда комиссия раиси ёки унинг ўринбосари томонидан тасдиқланган кундан бошлаб кучга киради.
32. Комиссия мажлислари заруратга кўра ўтказилади.
33. Олий таълим муассасаларининг спорт фаолияти (фаолият турлари бўйича) таълим йўналиши ёки